АсосийЖамият

"Мустақил ҳаёт сари илк қадамларингиз қутлуғ бўлсин!"

Президент мактаб битирувчиларига табрик йўллади.

'"Мустақил ҳаёт сари илк қадамларингиз қутлуғ бўлсин!"'ning rasmi

Қадрли фарзандларим!

Аввало, сиз, азизларни ҳаётингиздаги бугунги унутилмас қувончли воқеа – мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, етуклик шаҳодатномасини қабул қилиб олаётганингиз ва мустақил ҳаётга қадам қўяётганингиз билан самимий муборакбод этаман.

Ушбу шукуҳли айёмда мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд мактабда меҳрибон устозлар, ҳурматли ота-оналар иштирокида “сўнгги қўнғироқ”лар жаранглаб, 450 минг нафардан ортиқ битирувчи ёшларимиз шаънига эзгу тилаклар билдирилмоқда.

Барчамиз бу фикрларга чин дилдан қўшилган ҳолда, катта орзу-умидлар билан келажак режаларини тузаётган ўғил-қизларимизга уларни амалга оширишда улкан куч-ғайрат, омад ва зафарлар тилаймиз.

Айниқса, мактабни олтин медаль билан битираётган 11 минг 500 нафардан зиёд фарзандларимизга, 2 мингдан ортиқ кумуш медаль соҳибларига ўқиш ва изланишда, жамоат ишларида ўз тенгдошларига доимо ўрнак ва намуна бўлиб келаётганлари учун алоҳида табрик ва тилакларимизни изҳор этамиз.

Азиз битирувчи ёшлар!

Бугунги кунда биз ўз олдимизга қўяётган буюк мақсадларни амалга оширишда бутун халқимиз қатори, билимли, ҳунарли, тадбиркор ва ватанпарвар, ҳар томонлама етук ёшларимизга таянамиз.

Келажагимиз эгалари бўлган навқирон авлодимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишда катта бунёдкор куч сифатида иштирок этиши учун зарур шароитларни яратиб бермоқдамиз. Жумладан, сизларнинг замонавий илм ва касб-ҳунарлар, она тили билан бирга хорижий тиллар, IT ва инновацион технологияларни, ижод ва тадбиркорлик соҳаларини пухта эгаллашингиз учун ҳозирги кунда 201 та олий ўқув юрти, 598 та техникум, кўплаб мономарказ ва технопарклар, кутубхоналар, маданият, санъат ва спорт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда.

Таълимнинг барча бўғинларида ўқув-тарбия ишларининг сифати ва натижадорлигини ошириш, битирувчи ёшларимизга танлов имкониятларини кенгайтириш учун янги-янги тизим ва дастурлар, электрон платформалар ишга туширилмоқда.

Сизлар ана шундай беқиёс имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ёшлик фаслининг олтинга тенг ҳар бир дақиқасини қадрлаб, келгусида Ватанимиз мустақиллигини, эл-юртимиз манфаатларини барча соҳаларда дадил ҳимоя қиладиган етук кадрлар, онгли ва олижаноб инсонлар бўлиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қиласиз, деб ишонаман.

Шуни асло унутманг, одамзот ҳаётда муносиб ўрин топиши, эл-юртнинг ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлиши учун миллий ва умуминсоний қадриятларни эгаллаб, доимо олдинга интилиб яшаши, изланиш ва ўрганишдан асло тўхтамаслиги керак.

Ҳалол ва машаққатли меҳнат, илмга, касбга, ота-она ва оилага садоқат, ҳеч шубҳасиз, инсонни юксалтиради, унинг ҳаётини файзли ва чароғон этади.

Айниқса, сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимизга шиддатли замондан ибрат олиб, ҳар куни бир натижага эришиб, иродангизни синовларда тоблаб, фақат ва фақат олдинга қараб бориш ярашади.

Аминман, сизларнинг янги ғоя ва ташаббусларингиз, турли соҳалардаги ютуқларингиз Янги Ўзбекистонни янада қудратли этадиган моддий ва маънавий асосларни барпо этишга беқиёс ҳисса бўлиб қўшилади.

Сизлардек ўз кучига ишонган, қатъиятли ёшлардан қадрдон мактабингиз, азиз устозларингиз ва ота-оналарингиз, бутун халқимиз фақат эзгу ишлар ва ёрқин натижалар кутади.

Ана шундай юксак ишончга доимо муносиб бўлинг!

Интилиш, изланиш ва янгилик яратишдан асло чарчаманг!

Мустақил ҳаёт сари илк қадамларингиз қутлуғ бўлсин, азиз ўғил-қизларим!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Ўзбекистон суверен кредит рейтингида "барқарор"дан "ижобий" даражага яхшиланди'ning rasmi

    Жамият Бугун 13:30

    Ўзбекистон суверен кредит рейтингида "барқарор"дан "ижобий" даражага яхшиланди

    Бундай баҳо танланган йўл тўғрилигини кўрсатади — Саида Мирзиёева.

    'Самарқандда шер боласини яширган фуқаро қўлга тушди'ning rasmi

    Жамият Бугун 12:29

    Самарқандда шер боласини яширган фуқаро қўлга тушди

    Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар вилоят прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.

    'Водийда ер қимирлади'ning rasmi

    Жамият Бугун 09:34

    Водийда ер қимирлади

    Қирғизистонда содир бўлган зилзила Ўзбекистонда сезилди.

    'Бугун ҳарорат 38 даражагача кўтарилади'ning rasmi

    Жамият Бугун 08:23

    Бугун ҳарорат 38 даражагача кўтарилади

    24 май кунги об-ҳаво маълумотлари эълон қилинди.

    'Сирдарёда каналда чўкаётган фуқаро қутқарилди'ning rasmi

    Жамият 23.05.2025 20:05

    Сирдарёда каналда чўкаётган фуқаро қутқарилди

    Рейд тадбирларини олиб бораётган ФВБ ходимлари фуқаронинг чўкиб кетаётганини кўриб қолган.

    'Хоразмда металлоломга топширилган снаряд портлаб кетгани айтилмоқда'ning rasmi

    Жамият 23.05.2025 19:49

    Хоразмда металлоломга топширилган снаряд портлаб кетгани айтилмоқда

    Ҳолат бўйича Мудофаа вазирлиги маълумот берди.