Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида қудуқдаги газдан заҳарланиб уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов “Darakchi.uz”га маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳолат 22 май куни соат 18:30 атрофида содир бўлган. Туманнинг Дўстлик маҳалласида яшовчи 67 ёшли эркак хонадонидаги сизот сувларини сақловчи 5 метрлик қудуқни тозалаш мақсадида тушган. Бироқ унда ҳосил бўлган заҳарли газдан нафас олиши оқибатида ҳалок бўлган.
Кейинчалик уни қутқариш мақсадида қудуққа тушган 39 ёшли ўғли ва 46 ёшли қўшниси ҳам газдан заҳарланиб вафот этган. Уларни қутқариш учун тушган яна икки киши ҳам заҳарли газдан нафас олиши оқибатида соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.
Сайхунобод туман ФВБ ходимлари томонидан кўрсатилган ёрдами сабабли ота, ўғил ва қўшнининг мурдаси ҳамда заҳарли газдан ҳушини йўқотган икки фуқаро қудуқдан олиб чиқилган. Кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган ва туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сайхунобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.