АсосийДунё

Францияда собиқ жарроҳ 299 нафар болага нисбатан жинсий зўравонлик қилгани учун 20 йилга қамалди

Бу Франция тарихидаги энг йирик болаларга нисбатан жинсий зўравонлик иши ҳисобланади.

'Францияда собиқ жарроҳ 299 нафар болага нисбатан жинсий зўравонлик қилгани учун 20 йилга қамалди'ning rasmi

Францияда собиқ жарроҳ Жоэль Ле Скварнек 25 йил давомида 299 нафар болага нисбатан жинсий зўравонлик қилгани учун 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу Франция тарихидаги энг йирик болаларга нисбатан жинсий зўравонлик иши ҳисобланади.

Ле Скварнек 1989 йилдан 2014 йилгача бўлган даврда асосан 15 ёшга тўлмаган бемор болаларга нисбатан зўравонлик қилган. Кўплаб ҳолатларда қурбонлар анестезия остида ёки жарроҳлик амалиётидан кейин ҳушига келаётган пайтда бўлган. Унинг қурбонлари орасида ўз набираси ҳам бор.

2017 йилда қўшнисининг 6 ёшли қизчаси унга нисбатан зўравонлик қилинганини айтгач, полиция Ле Скварнекни ҳибсга олди. Унинг уйидан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги кундаликлар, 300,000 дан ортиқ порнографик расмлар ва болалар ўлчамидаги жинсий қўғирчоқлар топилди.

Ле Скварнек 2020 йилда тўрт нафар болага нисбатан зўравонлик қилгани учун 15 йилга қамалган эди. Янги ҳукм унга нисбатан қўшимча жазо сифатида берилди. Франция қонунларига кўра, у жазони икки учдан камида ўташи керак ва 2030–2033 йиллар оралиғида озодликка чиқиши мумкин.

Бу иш Франциядаги тиббий муассасалар ва суд органларининг назоратсизлиги ва масъулиятсизлигини кўрсатди. 2005 йилда болалар порнографияси учун шартли жазо олганига қарамай, Ле Скварнек шифохоналарда ишлашда давом этган. Жамоатчилик ва жабрланувчилар унинг собиқ рафиқаси Мари-Франс Ле Скварнекни ҳам унинг жиноятларини яширганликда айблашмоқда.

Жабрланувчилар ва ҳуқуқ фаоллари 20 йиллик жазони етарли эмас деб ҳисоблашмоқда ва Францияда жинсий зўравонлик учун жазоларни кучайтиришни талаб қилишмоқда. Бу иш мамлакатда болаларга нисбатан жинсий зўравонликка қарши курашда тизимли ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини яна бир бор кўрсатди. 

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар