Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида фуқароларни ноқонуний йўллар билан “Ҳаж” зиёратига юборишга уринган фирибгарларга қарши жиноят иши қўзғатилди. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида қуйидаги ҳолатлар аниқланди:
Андижон: Сўнган фирма номидан 50 минг доллар олган шахс қўлга тушди
1966 йилда туғилган, аввал бир неча марта судланган андижонлик шахс, фаолияти тўхтаган туристик фирма номидан 10 нафар фуқарони “Ҳаж”га юборишни ваъда қилган. Эвазига ҳар биридан 5 минг доллардан — жами 50 минг доллар олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Қарши: “Ҳаж” орқали $14 минг талаб қилган тадбиркор фош бўлди
Қарши шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланувчи 1985 йилда туғилган шахс, бир фуқаро ва унинг қариндошини танишлари орқали зиёратга юборишни ваъда қилган. Эвазига 14 минг доллар олган пайтда ушланган.
Наманган: Туризм менежери 20 доллар минг талаб қилиб, $10 минг олган
Намангандаги туристик фирмалардан бирининг ходими Саудия Арабистонига 2 нафар фуқарони юбориш эвазига 20 минг доллар талаб қилган. Улкан маблағнинг 10 минг долларини олган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Тошкентдаги фирма ходими Қўқонда 9 доллар минг билан ушланди
Тошкентда ишловчи туристик фирма вакили Фарғонанинг Тошлоқ туманидан бўлган фуқарони “Ҳаж” зиёратига юборишни ваъда қилиб, Қўқон шаҳрида 9 минг доллар олган. Унинг ноқонуний ҳаракатларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар чек қўйган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳаж зиёрати — муқаддас ибодат. Буни савдога айлантириш — нафақат қонун, балки инсоф ва виждонга ҳам зид.