Нидерландия бош вазири Дик Схоф ўз лавозимидан кетаётганини эълон қилди. Бу ҳақда у Герт Вилдерс бошчилигидаги “Эркинлик партияси” (ПВВ) ҳукуматдан чиқишини билдирганидан сўнг баёнот берди.
Сабаб — миграция сиёсати юзасидан жиддий келишмовчиликлар. Натижада ҳукумат парламентдаги кўпчилик қўлловидан айрилди.
Схоф ҳукумати 2023 йил ноябридаги сайловлардан сўнг шаклланганди. Ўшанда ПВВ 23,49 фоиз овоз билан ғолиб чиққан. Бироқ бош вазирнинг ўзи ҳеч бир партияга аъзо эмас, у мустақил сиёсатчи ҳисобланади.
Эндиликда, қонунга кўра, Схоф истеъфосини қирол Виллем-Александрга топшириши лозим. Шундан сўнг, амалдаги ҳукумат вақтинча фаолиятини давом эттиради. Янги парламент сайловлари эса куздан эрта бўлиб ўтмайди.