АсосийЖамият

Қашқадарёда битирувчиларга имтиҳон жавобларини сотган мактаб ўқитувчиси ишдан олинди

Директорга эса таъсир чораси қўлланилган.

'Қашқадарёда битирувчиларга имтиҳон жавобларини сотган мактаб ўқитувчиси ишдан олинди'ning rasmi

Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги 35-мактаб ўқитувчиси битирувчиларга она тили ва адабиёт фанидан бўлиб ўтган имтиҳоннинг жавобларини сотишга урингани айтилмоқда.

Бу ҳақда синфхонада воқеа гувоҳи бўлган ўқувчилардан бири ўзининг YouTube саҳифасига жойлаган видеоси орқали хабар бермоқда

Аммо видеода айнан тестларнинг жавоби сотилаётганига оид бирор сўз айтилмаган. Ўқитувчи 6 варақнинг нархи 5 минг сўмлигини билдирган. 

“Йўқ, мен “ксерокопиячи”га элтиб бераман, меники эмас, тахлаб қўйибди, шаҳар маркази атрофидан сотволиб олиб кетяпти, мен ҳам сотиб олдим. Тўғрисини айтаман, нима кераги бор? Мен “қайтариб пулини олиб келиб бераман сота олмасам” дедим, майли дейишди”, – деган у. 

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида видео муаллифи билан боғланди. унинг айтишича, воқеа 28 май куни она тили ва адабиёт фанидан ўтган имтиҳонда бўлган. “Шунда ўқитувчи имтиҳон жавобларини ўқувчиларга сотди”, – деди у. 

Таҳририят айни ҳолат ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига хабар берганди. Шунга кўра, вазирликнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси 9 июн куни ўрганишлар бошланганини маълум қилди.

Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, ҳақиқатан ҳам шу йил 28 май куни она тили ва адабиёти фанидан ўтган имтиҳонда шундай воқеа содир бўлган. Давлат имтиҳони бошланишидан олдин ўқитувчи 11-синф битирувчиларига имтиҳон саволларининг жавоблари нусхасини чиқарганини кўргазма сифатида кўрсатиб, имтиҳонга пухтароқ тайёргарлик кўриш ва билимларини мустаҳкамлаши учун тавсия қилган.

Бу жавобларни компютер хизматлари кўрсатувчидан сотишга берилганини айтиб, агар хоҳловчилар бўлса 5 минг сўмдан сотиб олишлари мумкинлигини айтган”, – дейилади изоҳда.

Қайд этилишича, аниқланган камчиликларга асосан мактаб директорига таъсир чораси қўлланган. Ўзбошимчалик билан иш тутган видеолавҳадаги фан ўқитувчиси ишдан олинган.

    Бошқа янгиликлар