Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида “Ҳизб-ут-Таҳрир” ташкилотининг яширин гуруҳи аъзолари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматининг ахборот хизмати “Даракчи.уз”га маълум қилди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органларини жалб қилган ҳолда тезкор тадбир ўтказилган.
Текширув давомида вилоятнинг Қўқон шаҳрида яшовчи, 1962 й.т., муқаддам “Ҳизб-ут-Таҳрир” ташкилотига аъзо бўлиб, Жиноят Кодексининг 159 ва 244 прим 1 ҳамда 244 прим 2 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун 2000-2019 йилларда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган шахс 1965-1971 йиллар оралиғида туғилган 4 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда ноқонуний гуруҳ тузган.
Ушбу шахс 2024-2025 йиллар давомида Қўқон шаҳридаги чойхона ва ошхоналарда ўтказилган ўзаро йиғинларда гуруҳ аъзолари “Ҳизб ут-Таҳрир” ғояларини Ўзбекистонга олиб кирилишини, ушбу ташкилот томонидан чоп этилган китоб ва журналларда ифодаланган ақидапарастликни, халифалик давлати қуриш ғояларини қўллаб-қувватлаб келишган.
Шунингдек, Telegram мессенжеридаги ёпиқ каналга аъзо бўлиб, унда “Ҳизб ут-Таҳрир” ДЕТга тегишли материаллар билан мунтазам танишиб боришган.
Таъкидлаш лозимки, гуруҳнинг 1971 й.т. аъзоси ҳам муқаддам “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотидаги иштироки учун 23 йиллик жазо муддатини ўтаб, 2024 йилнинг апрель ойида озодликка чиққан бўлса, бошқа бир аъзоси эса фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун умрининг маълум бир қисмини панжара ортида ўтказган шахс ҳисобланади.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 159 ва 244 прим 1 ҳамда 244 прим 2 моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.