Ўзбекистонда 2025-2026-ўқув йили учун 1-синфга қабул жорий йилнинг 20 июнидан бошланади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова маълум қилди.
Қайд этилишича, регламентга мувофиқ, 1-синфга қабул жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади:
- 1-босқич: 20 июндан 31 июлгача микроҳудуд доирасида;
- 2-босқич: 1 августдан 15 августгача микроҳудуддан ташқарида.
1-синфга қабул жараёнлари туман (шаҳарларда) электрон шаклда давлат хизматлари орқали амалга оширилади. Бунда ота-оналар 20 июндан бошлаб my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, ариза топшириши мумкин.
“Ҳурматли ота-оналар, видеойўриқнома билан танишиб чиқинг, унда my.maktab.uz платформаси орқали ўзингизга бириктирилган мактабни қандай аниқлашни билиб олишингиз мумкин”, дейилади хабарда.
Давлат хизматлари кўрсатилмайдиган ҳудудларда 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар вазирлик электрон тизими (adm.maktab.uz) га киритилади.
Қайд этиш жоиз, “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, болалар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилинади. Бу йил 1-синфга 2018 йилнинг 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.