22 май куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини ўрганиш учун боради. Айни ҳолат акс этган видеолавҳа тез орада ижтимоий тармоқларда тарқалиб, ҳокимнинг “бузиб ташла” деган ибораси катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлади.
Видеода ҳоким кескин оҳангда “бузиб ташла!” дея кўрсатма бермоқда. Бу жумла айрим фойдаланувчилар томонидан “ҳоким хусусий боғчаларни бузишни буюрмоқда” деган мазмунда талқин қилинади. Ҳодиса ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин мунозараларга сабаб бўлади — айримлар бу ҳолатни мансабдор шахс томонидан ўзбошимчалик, деб ҳисоблайди, бошқалар эса бу ижтимоий объектларни ҳимоя қилишга қаратилган чорадир, деган фикрда.
Шу фонда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳолатга изоҳ берди. Расмий баёнотда айтилишича, ҳокимнинг сўзлари хато талқин қилинган.
“Тармоқларни ларзага солган видеолавҳада тилга олинган "бузиб ташла" жумласида айнан ўша боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфиёна, ноқонуний кириш-чиқиш йўлагини бартараф этилиши назарда тутилган”, дейилади баёнотда.
Ҳокимликка кўра, бу объектлар давлат боғчасига туташ бўлган ҳудудда жойлашган ва улар томонидан рухсатсиз, ноқонуний фаолият юритилган. Жумладан, умумий овқатланиш объекти эгаси боғча ҳудудида ноқонуний кириш-чиқиш йўлагини очган ва бу ҳолат ҳокимнинг эътирозига сабаб бўлган.
Баёнотда таъкидланишича, 1961 йилда қурилган, ҳозирда таъмирталаб ҳолга келган боғчада капитал таъмирлаш ишлари маҳаллий бюджет ҳисобидан олиб борилмоқда. Ҳоким эса мазкур ишларни тезлаштириш, хавфсизлик чоралари ва тартиб-интизомни таъминлаш юзасидан масъулларга топшириқ берган.
“Ижтимоий тармоқ фаоллари айнан шу жумлани "ҳоким хусусий боғчаларни бузишни буюраяпти" тарзида муҳокама қилишмоқда. Бу эса ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейилади ҳокимлик изоҳида.
Аммо расмий изоҳлар ҳамон барча эътирозларга барҳам бергани йўқ. Баъзи фойдаланувчилар ҳокимнинг кескин оҳангда сўзлаганини мутасаддиларнинг фуқаролар билан мулоқот маданиятига зид деб ҳисобламоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда мулк дахлсизлиги ва қонуний тадбиркорлик фаолиятининг ҳимояси борасидаги муаммолар ҳақида ҳам баҳслар давом этмоқда.