Халқ қабулхоналарининг барча ходимлари бугундан бошлаб ишдан бўшатилади ва масалани ҳал қила оладиган фидойи кадрлар билан тўлдирилади. Бу ҳақда бугун, 16 июнь куни амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
“Халқ қабулхоналари тизими ҳам аҳоли дардини эшитиб, масалаларни ҳал қилиш ўрнига мурожаатларни давлат ташкилотларига тақсимловчи “диспетчер”га айланиб қолди”, — дейди президент.
Хусусан, ўтган йили виртуал қабулхона ва халқ қабулхоналарига юборилган мурожаатларнинг 55 фоизи ижобий ҳал этилмаган. Мурожаатлар ҳал бўлмагани учун, ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар кўпайган. Ижтимоий тармоқлардаги энг кўп мурожаатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд, ҳокимликлар, таълим, экология соҳаларига тўғри келади. Мингга яқин мурожаатларда Президентнинг шахсий қабули сўралган.
“Айниқса, Тошкент шаҳри ва Бухорода мансабдор шахслар устидан шикоятлар кўпайганини ҳокимлар қачон таҳлил қилган? Вазирлар ва ҳокимлар мурожаатларга ечим бермаса, одамлар додини кимга айтсин?
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак!”— дейди Шавкат Мирзиёев .
Тизимдаги камчиликлар ҳисобга олиниб, Халқ қабулхоналарининг барча ходимлари бугундан бошлаб ишдан бўшатилиши ва масалани ҳал қила оладиган фидойи кадрлар билан тўлдирилиши қайд этилди.
Эндиликда Халқ қабулхоналарига вилоят ва туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилиши белгиланди. Ҳокимлар ҳар куни ишини шу ерда аҳоли дарди ва ташвишини эшитишдан бошлайди.
“Ҳокимлар бир нарсани тушуниб олсин, бугун туғилган муаммони кейинги кунга ўтказишга йўл қўйилмайди. Мурожаатни бошқа идорага юбормасдан шу ернинг ўзида ҳал қилади”, дейди Президент.
Бунинг учун туман ҳокимининг ваколатлари кенгайтирилади. Масалаларни ҳал қилиш учун қўшимча ресурс ҳам берилади.