Ўзбекистонда давлат хизматчилари хизмат сафари режаси ва натижалари, географияси, ходимлар сони ҳамда харажатларни онлайн кузатиб бориш имконияти яратилади. Бу ҳақда президентнинг 20 июнда эълон қилинган фармонида белгиланди.
Унга кўра, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлилини олиб бориш “ҳрм.аргос.уз” электрон тизими таркибидаги “Хизмат сафари” ягона модули орқали амалга оширилади.
Бунда:
- хизмат сафари режаси ва натижалари, географияси, ходимлар сони ҳамда харажатларни онлайн кузатиб бориш имконияти яратилади;
- хизмат сафарларининг муайян давлат органининг фаолияти самарадорлигига бевосита, оралиқ ва якуний таъсири мониторинг қилиб борилади;
Давлат хизматчилари ҳар бир хорижий хизмат сафарлари якунлари бўйича ҳисобот топширади ҳамда ҳисобот асосида хизмат сафарининг самарадорлиги баҳолаб борилади.
Давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш ҳамда бу борада превентив механизмларни жорий этиш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмаси асосида раҳбарлик лавозимларида ишлаётганлар ва ушбу лавозимлар учун захирада турганларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш механизми жорий этилади.
Давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни сингдириш бўйича қадриятлар тизимини шакллантириш юзасидан тадқиқотлар олиб бориш асосида таъсирчан чора-тадбирларни жорий этишга оид таклифлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш услубияти такомиллаштириб борилади.
Фармонда белгиланишича, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари лавозим маоши уларнинг иш тажрибаси, илмий ва малака даражаси, натижадорлиги ҳамда бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб шакллантирилади. Давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилади.