Япониялик ярим ўрта вазн тоифасидаги боксчи Жин Сасаки америкалик Браян Норман билан жангда оғир нокаутга учраганидан сўнг сўнгги бир ярим ой ичида содир бўлган воқеаларни эслай олмаяпти. Бу ҳақда zamon.uz хабар берди.
Жангдан сўнг дарҳол Сасаки шифохонага ётқизилган, у ерда компьютер томографияси ўтказилган. Унинг спорт зали раҳбари Исио Накаянинг сўзларига кўра, спортчи қон кетиши ёки йирик жароҳатларсиз қутулган, аммо бош орқа қисмига кучли зарба туфайли қисқа муддатли амнезия (хотира йўқолиши) юз берган.
“Сасаки бу жангга рози бўлганини ҳам эслай олмаяпти. У эрта яна чуқур тиббий текширувдан ўтади”, – деди Накая.
23 ёшли Сасакининг ҳозирча профессионал статистикаси: 19 ғалаба (17 таси нокаут), 2 мағлубият, 1 дуранг. 24 ёшли Норман эса жангда ВБО (Жаҳон бокс ташкилоти) камарини сақлаб қолган ва 28 ғалабанинг 22 тасини нокаут билан якунлаган.