АсосийЖамият

Хоразмда 356,6 млн, Тошкент вилоятида 315,4 млн, Нукусда эса 170 млн сўмлик "свет" ўғирланган

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

'Хоразмда 356,6 млн, Тошкент вилоятида 315,4 млн, Нукусда эса 170 млн сўмлик "свет" ўғирланган'ning rasmi

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хонқа тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “O.F.” оилавий корхонаси раҳбари Ф.М. корхонанинг умумий овқатланиш шохобчасида ўрнатилган электр ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказиб, жами 356,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро К.Р. Тошкент тумани, “Зарбдор” МФЙ ҳудудидаги хонадонида тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан нон ёпиб сотиш билан шуғулланиб келиб, газ тармоғига ноқонуний уланиб, жами 315,4 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Департаментнинг Нукус тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “А.К.” МЧЖ масъул шахслари электр насосга ўрнатилган ҳисоблагичга шикаст етказиб, жами 170 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар