Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Президенти Администрациясида фаолият юритиб келаётган 3 нафар мансабдор лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Хусусан:
- Саидлазиз Саидасилович Саидкаримов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Назорат инспекцияси бошлиғи лавозимидан;
- Ўткиржон Ғайратович Кодиров бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳудудлар билан ҳамкорлик қилиш ва таҳлилий материалларни тайёрлаш департаментининг раҳбари лавозимидан;
- Жаҳонгир Жовахирлаевич Ибрагимов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Режалаштириш ва ахборот таъминоти департаменти раҳбари ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Президент Администрацияси тузилмасига ўзгартиришлар киритилганди ҳамда Президент Администрацияси раҳбари лавозими ташкил қилинганди. Қолаверса, Президентининг фармони билан Саида Шавкатовна Мирзиёева Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Исмоилович Алламжонов эса Президент Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчиси этиб тайинланди. Шунингдек, Азиз Йўлдошевич Магрупов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси лавозимидан озод этилди. Бекзод Мардонович Мавлонов эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.