Франция Президенти Эммануэл Макрон АҚШнинг Эрондаги ядровий иншоотларга берган зарбасини ноқонуний деб атади. Унинг таъкидлашича, бу каби ҳужумлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид ва ҳеч қандай асосга эга эмас.
“Бу зарбаларнинг ҳеч қандай қонуний асоси йўқ”, – дейди Макрон Норвегия Бош вазири Ёнас Гар Стёре билан қўшма матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, Эрондаги ядровий инфратузилмани нейтрализация қилиш маълум маънода мақсадли йўналиш бўлиши мумкин, лекин бу фақатгина дипломатик ва техник воситалар орқали амалга оширилиши керак.
Макрон қўшимча қилди: “Куч қўллаш бўйича халқаро ҳуқуқда аниқ қоидалар мавжуд. Бу фақат БМТ Хавфсизлик кенгаши розилиги билан ёки ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилиши мумкин. АҚШнинг бу ҳаракати – халқаро ҳуқуқ доирасидан ташқарида”.
Франция раҳбари, шунингдек, Эронда ҳарбий йўл билан режимни алмаштириш ғоясига мутлақ қарши эканини билдирди.
“Биз ҳар сафар шундай танлов қилганимизда, хатога йўл қўйдик”, – дейди Макрон.
АҚШ–Эрон муносабатлари янада кескинлашган бир пайтда, Ғарб етакчиларининг танқидий баёнотлари минтақадаги мувозанатни қандай ўзгартириши номаълум. Франциянинг позицияси эса — очиқ: ҳужумлар эмас, музокаралар.