АсосийЖиноят

Хоразмда терговчи пора билан қўлга тушди

У лавозимидан фойдаланиб, 3000 АҚШ доллари талаб қилган.

'Хоразмда терговчи пора билан қўлга тушди'ning rasmi

Урганч шаҳар прокуратурасининг катта терговчиси фуқародан катта миқдорда пора талаб қилиб, сўралган пулларни олаётган вақтида қўлга тушди. Бу ҳақда ДХХ “Даракчи.уз”га маълум қилди.

Қайд этилишича, мансабдор ўзининг ҳамкасби томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишини айблов хулосаси билан судга юборилмасдан, терговда тугатиб бериш эвазига 3000 АҚШ доллари талаб қилган.

Оқибатда, катта терговчи 2025 йилнинг 16-28 май оралиғида 1000 АҚШ доллари, 10 млн. сўм, қиймати 1000 АҚШ долларига тенг бўлган 1 дона сейф ва 1 млн. 300 минг сўмлик 1 дона иш столи жамланмасини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Аммо, фуқаро ўзига нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168 моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жинояти иши дастлабки терговда тугатилмасдан, айблов хулосаси билан судга юборилганлигини билгач, терговчидан муқаддам берилган пул маблағлари ва ашёларни қайтариб беришини талаб қилган.

Шундан сўнг, терговчи 1000 АҚШ доллари, қиймати 1000 АҚШ долларига тенг бўлган 1 дона сейф ва 1 млн. 300 минг сўмлик 1 дона иш столи жамланмасини фуқарога қайтариб берган вақтида ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда терговчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

    Бошқа янгиликлар