Тошкент кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини рақамлаштириш, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва шаҳарда тирбандликларни барвақт прогноз қилишга қаратилган Компьютерлаштирилган вазиятлар маркази яратилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, марказга татбиқ этилган интеллектуал транспорт платформаси автотранспорт оқимини кузатиш, таҳлил қилиш ва интеллектуал бошқаришга имконият яратиб беради. Натижада шаҳарда тирбандлик 50 фоизгача камайишига, автомобиль йўловчиларининг вақтини тежаш, йўллардаги бахтсиз ҳодисалар сони камайиши, фавқулодда хизматлар ҳаракатини тезлаштириш ҳамда қарор қабул қилишда аниқ статистика орқали самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Тадбир жараёнида Тошкент шаҳар ҳокими томонидан йўл-патрул хизматига 20 дона, патрул пост хизмати учунмахсус жиҳозланган 20 дона Cobalt русумли янги хизмат автомобиллари топширилди. Ушбу автомобиллар ишлаб чиқарувчи томонидан махсус воситалар билан жиҳозланган бўлиб, уларга ўрнатилган камералар вазиятлар марказига интеграция қилинган.
Ушбу автомашиналарда ўрнатилган замонавий камералар қидирувдаги шахслар, олиб қочилган транспорт воситалари, жамоат хавфсизлигига таҳдид қолувчи ҳолатлар ҳақида марказга хабар юбориш имконияти мавжуд. Марказ эса бир вақтнинг ўзида барча хизмат автомобилларидаги камераларни масофадан туриб бошқариши мумкин.