Ташрифнинг асосий мақсади — ўзбек маҳсулотларини ва брэндларини халқаро бозорларга чиқаришда Карачи порти орқали экспорт имкониятларини кенгайтириш, логистика шароитларини яхшилаш ва янги ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Карачи порти — Покистоннинг энг йирик денгиз порти ва Жанубий Осиёдаги асосий логистика маркази. У орқали миллионлаб тонна юк Европа, Америка, Осиё ва Африка бозорларига етказилади. Шу жиҳатдан, порт Ўзбекистон учун муҳим стратегик аҳамиятга эга.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси порт маъмурияти ва логистика компаниялари билан учрашиб, инфратузилма, божхона, транзит ва юк ташиш тартиблари бўйича аниқ маълумотлар олди. Порт раҳбарияти ўзбек маҳсулотларини қабул қилиш ва қайта юклаш учун барча шароитлар мавжудлигини таъкидлади.
Музокараларда Ўзбекистон товарлари учун порт ҳудудида махсус омбор ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Бу ташаббус:
маҳсулотларни вақтинча сақлаш ва жўнатишни енгиллаштиради,
транзит жараёнларини соддалаштиради,
логистика харажатларини камайтиради,
халқаро бозорларга чиқишни жадаллаштиради.
Порт маъмурияти тўқимачилик, мева-сабзавот, чарм, кимё ва қурилиш материалларига юқори қизиқиш билдириб, уларнинг халқаро рақобатбардошлигини қайд этди.
Шунингдек, тадбиркорларга контейнер парки, рақамлаштирилган божхона ва юк кузатув тизимлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Карачи портига ташриф икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, Ўзбекистон товарлари учун янги экспорт йўлларини очишда муҳим қадам бўлди. Савдо-саноат палатаси бу йўналишда амалий ишлар бошланганини маълум қилди.