Ҳиндистоннинг Бихар штатида жодугарликда айбланган оила ваҳшийларча ўлдирилди. Темта қишлоғида юз берган даҳшатли воқеада беш нафар оила аъзоси ҳаётдан бевақт кўз юмди. Қонли ҳодиса юзасидан уч киши қўлга олинди. Бу ҳақда CBS News ахборот агентлиги хабар берди.
Фожиа тафсилотлари
Жорий йилнинг 5 июлга ўтар кечаси юзлаб одам яшайдиган Темта қишлоғи ваҳший жиноят саҳнасига айланди. Тахминан 50 кишилик оломон 50 ёшли Бабу Лал Ораон, унинг 70 ёшли онаси Канто Деви, рафиқаси ҳамда икки вояга етган фарзандини ёвузларча ўлдириб, жасадларини ёқиб юборган. Қурбонлар орасида уч нафар аёл ҳам бўлган.
“Жодугарлик” айби — баҳона бўлдими?
Воқеа содир бўлишидан олдин, қишлоқда бир бола касалликдан вафот этгани ва унинг акаси ҳам бетоб бўлгани айтилмоқда. Айрим маҳаллийлар болаларнинг ҳолатига айнан Ораонлар оиласини айблаган. Уларни жодугарликда гумон қилган оломон уйга бостириб кирган ва тиғли қуроллар билан ҳужум бошлаган.
Фожиа гувоҳи — ягона тирик қолган бола
Оиланинг 16 ёшли ўғли ҳужум пайтида тирик қолишга муваффақ бўлган. У полицияга берган кўрсатмасида, 5 июль куни соат 22:00 да номаълум шахслар уйни қамал қилганини ва онасини “жодугар” деб айблаб, барча аъзоларни бирма-бир ўлдиришганини сўзлаб берган.