Пойтахт Тошкентда ёшларга дори сотиб, пуллаб юрган дорифуруш қўлга тушди. Бу ҳақда ДХХ Darakchi.uz'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 й.т. шахснинг Янгиҳаёт туманидаги ижарадаги яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 16249 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Маълум бўлишича, у муқаддам Telegram мессенжери орқали савдо қилувчи шахс томонидан Сергели тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган ушбу дори воситаларини олиб, келгусида мижозларга сотганидан сўнг, наркосавдогарга 16 минг АҚШ доллари бериши керак бўлган.
“Зардекс” дори воситалари таркибида “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 818-сон қарорига мувофиқ, “Прегабалин” моддаси кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига киради.
Ҳозирда дорифуруш фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 251-1 моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракати олиб борилмоқда.