АсосийЖамият

Наманганда халқаро террористик ташкилот тарафдорларидан иборат яширин гуруҳ фош этилди

Гуруҳ раҳбари Истанбулда махсус "ҳужра"да диний сабоқ олган ва шундан сўнг отасини "кофир" деб эълон қилган.

'Наманганда халқаро террористик ташкилот тарафдорларидан иборат яширин гуруҳ фош этилди'ning rasmi

Наманган шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда халқаро террористик ташкилот – “Ислом Давлати Хуросон Вилояти” тарафдорларидан иборат ноқонуний гуруҳнинг фаолияти фош этилди. Бу яширин "жамоат"ни ташкил қилган шахс ва унинг аъзолари террористик ғояларни тарғиб қилиб келгани аниқланган. Бу ҳақда ДХХнинг ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, гуруҳнинг 16 нафар аъзоси яшаган манзилларда тинтув ўтказилиб, 37 та мобил телефон, 51 дона ноширлиги кўрсатилмаган диний адабиёт, 40 та DVD диск, 4 та флеш-карта ҳамда бир нечта ноутбук ва планшетлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, ушбу гуруҳ аъзолари халқаро террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамоларидан ўрганган ҳолда "жиҳад" ва "шаҳидлик"ни тарғиб қилиб келган.

Шунингдек, гуруҳ етакчиси Телеграм мессенжерида 120 нафардан ортиқ аъзога эга виртуал каналлар очиб, у ерда экстремистик материаллар, “Ислом Давлати” атрибутлари ва радикал руҳдаги аудио-видео файлларни тарқатган. Улар ёшларни “шариат ҳукми” асосида жиҳодга ундаш ва мамлакатда олиб борилаётган сиёсий ҳамда диний ислоҳотларга қарши норозилик руҳида тарбиялашни мақсад қилган.

Аниқланишича, гуруҳ раҳбари 2022 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида махсус "ҳужра"да диний сабоқ олган. Бу жараёндан сўнг унинг қарашлари кескин ўзгарган ва ҳатто отаси уни тўғри йўлга чақирмоқчи бўлганда, отасини ҳам "кофир" деб эълон қилган.

Ҳозирда гуруҳ ташкилотчиси ва 3 нафар фаол аъзоси устидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан иш қўзғатилган ва улар қамоққа олинган. Қолган аъзолар бўйича ҳам суриштирув ишлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар