Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Суриядаги сўнгги геосиёсий жараёнларга тўхталар экан, мамлакатнинг яхлитлигини сақлаш ва қайта тикланиш жараёнини Туркия манфаатлари нуқтаи назаридан ҳам муҳим, деб таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, Туркия қўшни давлатда барқарорлик тикланишидан манфаатдор: “Суриянинг парчаланишини истамаймиз. Бу мамлакатнинг қайта тикланиши нафақат минтақада, балки Туркия билан муносабатларда ҳам ижобий бурилиш беради.”
Эрдўған Сурия президенти Аҳмад Шарани алоҳида тилга олиб, унинг мустаҳкам позициясини юқори баҳолади: “Сурия президенти Аҳмад Шара Сувейдада мустаҳкам турди. У ҳеч қандай имтиёзга рози бўлгани йўқ. Биз уни бу мураккаб шароитда ёлғиз қолдирмаймиз.”
Президент ўз баёнотида Исроилнинг минтақа бўйлаб провокацион ҳаракатларига ҳам муносабат билдирди: “Исроил бутун минтақани ёнғинга гирифтор қилиш ҳаракатида. Бу хавфсизликка таҳдид солаётган жиддий вазият.”
Эслатиб ўтамиз, Туркия охирги вақтларда Сурия билан дипломатик алоқаларни яхшилашга қаратилган бир қатор дипломатик ташаббусларни амалга оширмоқда. Аҳмад Шара билан муносабатларни мустаҳкамлаш эса Анқаранинг минтақадаги янги ёндашуви сифатида баҳоланмоқда.