Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида 15 ёшли вояга етмаган қизнинг зўрлангани ҳолати юзасидан Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова 24 июль куни жабрланувчи ҳолатини ўрганиб чиқди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати хабар берди.
Раҳмонова аввало Ангрен шаҳар Болалар шифохонасига бориб, у ерда даволанаётган жабрланувчи С.Й.нинг соғлиғи ҳолатини ўрганди. Омбудсман қизнинг умумий саломатлиги, мавжуд касалликлари ва уларга кўрсатилаётган тиббий муолажалар билан танишган.
Расмий хабарга кўра, жабрланувчида бир нечта оғир касалликлар — ўткир артрит, икки томонлама бронхопневмония, оқсил-энергетик етишмовчилик, оғир даражадаги анемия ва сепсис — аниқланган. Тиббий ҳужжатлар асосида, бу касалликлар зўрлаш ҳолати натижасида эмас, балки сурункали шаклда илгари мавжуд бўлган.
Болалар омбудсмани жабрланувчи билан индивидуал суҳбат ўтказган. У қизнинг фикрини тинглаб, ҳолатга психологик ёндашув билан ёндашиш зарурлигини таъкидлаган.
2025 йил 9 май куни ҳолат юзасидан жиноят иши очилган. Расмийларга кўра, айни пайтда тергов ишлари давом этмоқда. Омбудсман тергов жараёнида вояга етмаган жабрланувчининг руҳий ҳолатига зарар етказилмаслигини таъминлаш зарурлигини урғулаган. Шу боис, тергов ҳаракатларида малакали психолог ва педагоглар иштирокини кафолатлаш таклиф этилган.
Вазиятни ўрганиш давомида Раҳмонова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ангрендаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази вакиллари билан ҳам учрашди. Марказ мутасаддиларининг маълум қилишича, С.Й. ва унинг оиласига мунтазам ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Жабрланувчини реабилитатсиялаш ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чоралар ишлаб чиқилган.
Маълумот учун, сўнгги ойларда Ўзбекистон фуқаролари орасида вояга етмаганларга нисбатан жинсий тажовуз ҳолатлари бўйича хабарлар кўпаймоқда. Эслатиб ўтамиз, яқинда Туркияда ўгай отаси томонидан жинсий зўравонликка учраган ўзбекистонлик қиз ҳам мамлакатга қайтарилганди.