Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва ОАВда муҳокамаларга сабаб бўлаётган хабар – “АI-92” русумли бензиннинг арзонлашгани бўлди. Бу янгилик кўпчиликда бир қарашда ижобий таассурот уйғотса-да, масаланинг ички қатламига назар ташласак, у фақат нархнинг тушиши эмас, балки муҳим тизимли ўзгаришлар бошланиши бўлиши мумкинлигига шаъма қилади.
Нарх пасайгани рост. Аммо сабаби-чи?
“Ўзбекнефтгаз” АЖ расмий ахборотига кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “АI-92” русумли бензиннинг бир тоннаси биржа савдоларида 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмга туширилган. Бу 1 литр учун 9 400 сўм атрофида бошланғич нарх дегани. Тушунарли, аниқ рақам. Аммо бу камайиш ниманинг эвазига рўй берди?
Мутасаддилар бу ҳолатни "ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш", "таннархни камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар" билан изоҳлашмоқда. Ажойиб. Аммо бу чора-тадбирлар айнан қандай амалга оширилди? Йўқотилган миллиардлар, зарарли шартномалар, вақти-вақти билан юзага чиқадиган коррупсиявий хавфлар ҳақида нега ҳеч нарса дейилмаяпти?
Бензин сифати – нархдан муҳимроқ масала
“АI-92” бензинининг нархи арзонлашди, лекин сифати ҳақида нима дея оламиз? Бу бензин бизга нефть экспорт қилувчи мамлакатлардан келтириладими ёки ўзимизда тўлиқ ишлаб чиқариляптими? Бухоро заводининг технологик янгиланиши, унинг экологик мезонларга жавоб бериши, автомобиль двигателларига зарарсизлиги масалалари ҳам кун тартибида бўлиши керак.
Нархни арзонлаштириш – яхши, аммо сифат назоратини кучайтириш – бу ҳам шундай муҳим омил. Халқ арзон, лекин тез ёниб, двигателни ишдан чиқарадиган бензин эмас, барқарор ва узоқ йиллик фойдаланишга яроқли ёқилғи истайди.
Бозор ислоҳотлари: ҳақиқийми ёки сохта барқарорликми?
“Ўзбекнефтгаз” компаниясининг бозор барқарорлиги, ички истеъмолчига содиқлик каби сўзлар билан безатилган стратегияси жуда яхши эшитилади. Лекин бу стратегиялар қанча реал бозор шароитларига асосланган? Бугунги кунда бензин нархи пастлагани рост, аммо бу нархлар ҳафтасига бир марта ўзгариб турадиган, сунъий тақчиллик сабабли шахсий АЁҚШларда бошқа тарифлар қўлланиладиган бозорда қандай таъсир кўрсатади?
Шу ўринда муҳим савол: бензин арзонлашгани истеъмолчи сезадиган реал енгилликка олиб келадими ёки бу фақат статистикада қоладими?
Нарх пасайди – умид уйғонди
“АI-92” нархининг арзонлашгани – бу, албатта, эътирофга лойиқ ҳолат. Давлат раҳбарининг топшириғи асосида бу борадаги ишлар олиб борилаётгани – тизимда халқ манфаатини кўзлаш ҳаракати борлигини англатади. Аммо бу фақат бошланиш. Олдинда сифат, назорат, шаффофлик ва энг асосийси — рақобатбардош, иқтисодий жиҳатдан пишиқ ёқилғи сиёсати шаклланиши зарур.
Ёқилғи бозори халқ учун нафақат транспорт, балки иқтисодиётдаги барқарорлик ўлчови бўлиши керак. Нархларни вақтинча тушириш эмас, тизимли ва узоқ муддатли енгиллик келтирувчи ислоҳотлар бу йўлдаги асосий мезон бўлиши керак.