АҚШнинг Бразилия экспортларига 50 фоизлик бож жорий этиши ортидан Президент Лула Хитой етакчиси Си Сзинпин билан телефон орқали суҳбатлашди. Томонлар савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, кўп томонлама ҳамкорлик ва COP30 иқлим саммитига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Бразилия президенти Луис Инасио Лула да Силва ва Хитой раиси Си Сзинпин ўртасидаги сўнгги телефон мулоқоти икки давлат ўртасидаги стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш ва глобал савдодаги кескинликларга биргаликда жавоб бериш мақсадида амалга оширилди. Суҳбат АҚШ томонидан Бразилия экспортларига кутилмаганда жорий этилган 50 фоизлик божлар ортидан, Пекин ва Бразилия расмийлари ўртасидаги аввалдан режалаштирилган алоқанинг якуни бўлди.
Учрашувда Украина уруши, BRICS ва G20 доирасида кўп томонлама ёндашувни ҳимоя қилиш, шунингдек, ноябрь ойида Бразилияда бўлиб ўтадиган COP30 иқлим саммитига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди. Си Сзинпин Хитой CОП30ъда юқори даражадаги делегация билан қатнашишини тасдиқлади.
Шунингдек, икки томон соғлиқни сақлаш, энергетика, рақамли иқтисодиёт ва сунъий йўлдош технологиялари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди. Лула BRICS доирасида АҚШнинг янги бож сиёсатига қарши мувофиқлаштирилган жавобни йўлга қўйиш учун Ҳиндистон ва Россия етакчилари билан ҳам алоқаларни фаоллаштирган.
Хитой аллақачон Бразилияни очиқ қўллаб-қувватлаб, "асоссиз ташқи аралашув" ва "сиёсий босим воситаси сифатида бож жорий этиш"ни қоралаган. Экспертлар бу мулоқотни Хитой ва Бразилия ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг барқарорлигини сақлаш ва БРИCС’ни глобал иқтисодий мувозанатдаги асосий ўйинчига айлантириш йўлидаги муҳим қадам, деб баҳоламоқда.