Кеча, 11 август куни Президент Шавкат Мирзиёевга якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир янги ташаббуслар тақдим этилди.
Унга кўра, 2030 йил 31 декабрга қадар ушбу тоифадаги фуқаролар учун махсус ҳуқуқий режим амалиётга татбиқ этилади.
Режада қуйидаги асосий йўналишлар белгиланган:
— Рақамли платформалар: Фаолиятни расмийлаштириш, банк ҳисобварақлари очиш, солиқ ҳисоб-китоблари ва фискал чекларни юритиш ягона рақамли тизимда амалга оширилади.
— Электрон ҳамён: Тадбиркорлар учун даромад олиш, ходимларга тўлов қилиш, солиқларни тўлаш ва бошқа операцияларни амалга ошириш имконини берувчи электрон ҳамёнлар жорий этилади.
— QR-kod ва “тап to pay” технологияси: 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб барча ҳисоб-китоблар ушбу замонавий технологиялар орқали амалга оширилади.
— Масофавий имзолаш: Биометрия ва СМС-хабарнома орқали ҳужжатларни электрон имзолаш имконияти яратилади.
— Солиқ енгилликлари: 2026 йил 1 январдан бошлаб, йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлар учун айланмадан олинадиган солиқ 1 фоиз этиб белгиланади.
— Мажбурий QR-kod : Электрон тўловлар учун махсус QR-kod’га эга бўлиш чакана савдо фаолиятида мажбурий бўлади.
Шунингдек, рақамли платформадаги пул айланмалари кредит ажратишда асосий мезонлардан бири сифатида инобатга олинади. Президент бу таклифларни маъқуллаб, тегишли қарорни имзолади.
Мазкур чора-тадбирлар мамлакатда норасмий бандликни камайтириш ва кичик бизнеснинг ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.