Андижон шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ноқонуний дори воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланган яширин цех аниқланди.
Маълум қилинишича, ушбу манзилда 4 та МЧЖ томонидан тегишли лицензия ва сертификатларсиз турли хил дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарилган.
Тезкор тадбир давомида “Simbaby”, “Doclungc”, “Leron”, “Yodigan”, “Polivit” номли қарийб 100 турдаги маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Қайд этилишича, ишлаб чиқариш жараёнида санитария-гигиена ва технологик талабларга амал қилинмаган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний тарзда тайёрланган маҳсулотларнинг умумий қиймати 5 млрд сўмга яқинни ташкил этган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар аҳолини дори воситаларини фақат лицензияга эга ва ишончли дорихоналардан харид қилишга чақиради.






