Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад бўйича ривожланган давлатларга (14 минг доллар) етиб олиш учун Қозоғистон ва Туркманистонга қарийб 40 йил, Қирғизистонга 70 йил, Ўзбекистон ва Тожикистонга эса 100 йилдан ортиқроқ вақт керак, дейилади Жаҳон банки ҳисоботида. Ўзбекистон бу маррага Марказий Осиё давлатлари орасида энг охирги бўлиб етиши мумкин.
Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича “Тадбиркорлик, технология ва инновациялар орқали ўсишни тезлаштириш” номли ҳисобот эълон қилди. Унда ушбу минтақадаги ривожланаётган давлатлар қанча муддатда аҳоли жон бошига даромад бўйича юқори даромадли давлатлар даражасига етишига оид прогноз ўрин олган.
Бу прогнозга минтақа давлатларининг охирги 10 йилдаги ўртача иқтисодий ўсиши асос бўлган. Агар даромадларнинг (жон бошига ГНИ) пандемиядан кейинги даврдаги ўртача ўсишини олсак, ҳисоб-китобларга кўра, жон бошига даромадлар Қозоғистонда 2026 йилнинг ўзида 14 минг долларлик даражадан ўтади. Шунингдек, Туркманистон 2034 йилда, Тожикистон 2037 йилда, Ўзбекистон эса 2042 йилда бу даражадан ўтиши мумкин. Яъни Ўзбекистон барибир минтақада бу даражага энг охирги етадиган мамлакат бўлади.
Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 896,3 триллион сўмни ташкил этган. Номинал кўринишда ўсиш 18,5 фоизга, ҳақиқий ўсиш суръати эса (инфляция ҳисобига) 8,1 фоиз бўлган.