Ўқитувчилар иддаосига кўра, мактаб директори Рухсора Саидова июль ойидан бошлаб уларни асосан ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларига сафарбар қилган. “Биз дарсга тайёргарлик кўриш ўрнига кун бўйи ҳовлида ўт юламиз.
Агар ўт юлаётганимизни суратга олиб, мактабнинг Телеграм гуруҳига жойламасак, маошимиздан айриламиз”, — дейди ўқитувчилардан бири.
Уларнинг айтишича, июль ойи маошлари одатдагидек пластик картага ўтказилмаган, балки нақд кўринишда директор томонидан тарқатилган.
Мардикорликка келмаган ёки директор билан келишмаган ўқитувчилар маош ололмаган. “Бу тизим таълим сифатига зарар етказмоқда. Янги ўқув йили олдидан мактабимиз яна ъқизилъ рўйхатга тушишидан қўрқамиз”, — дейди ўқитувчилар.
Таълим соҳаси ходимлари мактаб маъмурияти, директор ва бухгалтерия фаолиятини вилоят таълим бошқармаси ҳамда тегишли аудит органлари томонидан текширишни талаб қилмоқда.
Аммо ҳолат юзасидан ҳануз расмий маълумот эълон қилинмади.