АсосийДунё

Мирзиёев Франция элчиси билан нима ҳақда гаплашди?

Бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар Ўзбекистон ва Франция ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, унинг кун тартибини аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани таъкидланди.

'Мирзиёев Франция элчиси билан нима ҳақда гаплашди?'ning rasmi

Бугун 14-август куни Ўзбекистон раҳбари мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Франция Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Орелия Бушезни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

 

Қайд этилишича, давлат раҳбари Франция элчисининг самарали фаолияти ҳамда мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этган.

 

Бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар Ўзбекистон ва Франция ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги кўтариш, унинг кун тартибини аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани таъкидланди.

 

Турли даражаларда тизимли мулоқот ва фаол алоқалар йўлга қўйилган. Савдо-иқтисодий соҳада сезиларли муваффақиятларга эришилди: кейинги йилларда товар айирбошлаш 4 баробар кўпайди, Франциянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда.

 

“Таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Лувр музейи ва Араб дунёси институтида кўргазмалар катта муваффақият билан ўтди”, — дейилади хабарда.

 

Париж шаҳри яқинида Беруний ҳайкали очилди. Франсия пойтахтидаги кўчага Самарқанд номи берилди. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Франция университети ўз ишини бошлайди.

 

Учрашув якунида Ўзбекистон президенти, Франсия Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Орелия Бушезга мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун "Дўстлик" орденини топширди.

 

Элчи хоним унинг дипломатик миссияси юксак баҳолангани ҳамда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун давлат раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди.

    Бошқа янгиликлар