Сўнгги кунларда Покистон ҳукумати Германияга қабул қилиш тўғрисида расмий таклифномага эга бўлган 211 нафар афғонистонлик фуқарони мажбуран Афғонистонга депортация қилди. Бу ҳақда DW хабар бермоқда. Улар Германияга кўчиб ўтишдан аввал хавфсизлик текширувларидан ўтиш учун Покистонда вақтинча яшаб турган эди.
Маълумотларга кўра, Покистонда 2000 дан ортиқ афғон фуқароси яшамоқда, уларнинг аксарияти Германия ҳукумати томонидан кўчиб ўтишга рухсат олган.
Бироқ ҳозиргача уларнинг 450 нафари Покистон миграция органлари томонидан ушланган, айримлари эса депортация лагерларига жойлаштирилган. Германия дипломатлари бир қисмини озод қилишга эришган.
2021 йилда "Толибон" ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг, Германия Кобулдаги элчихонасини ёпган эди.
Шундан бери Германия томонидан рухсатнома олган афғонлар, асосан аёллар ва болалар (улар сони 1700 киши атрофида), Покистонда қолиб кетган. Улар рухсат бўлишига қарамай, Германияга йўл ололмаяпти.
Ҳуқуқ фаоллари Европадаги бюрократик жараёнларни танқид қилиб, бу кечикишлар инсон ҳаётига хавф солаётганини таъкидлашмоқда. Кабул Air Initiative ташкилотининг қайд этишича, Германияга кўчиб ўтиши керак бўлганлар сони 2300 кишига етган.
Шу билан бирга, Германия ҳукумати ҳам бундай муҳожирлар оқимини чеклашга уринмоқда. Ҳукмрон коалиция — Христиан-демократлар (ХДС/ХСС) ва Социал-демократлар (СДП) — муҳожирларни қабул қилиш дастурларини қисқартиришга келишиб олган.
Euro маълумотларига кўра, 2025 йил май ойида Европа Иттифоқига топширилган бошпана сўровномалари сони 2024 йил май ойига нисбатан 30 фоизга камайиб, 55 мингга тушган.