2025 йилнинг биринчи ярмида Россиядан миграция қонунчилигини бузган 2,8 минг киши депортация қилинган. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ушбу кўрсаткич ўтган йилги даврга (2,4 минг) нисбатан 17 фоизга кўп. Ҳукумат ноқонуний мигрантлар орасидаги жиноятчиликка қарши чораларни кучайтирган. Жорий йилнинг биринчи ярмида миграция соҳасида 587,8 мингта ҳуқуқбузарлик аниқланган (+16,7 фоиз), жумладан, ноқонуний яшаш (+27,9 фоиз) ва бозорлар орқали ишга жойлашишда қоидабузарликлар (+52,5 фоиз).
Шунингдек, ИИВ вақтинча яшаш рухсатномаси ва яшаш гувоҳномасини беришни ҳам сезиларли даражада қисқартирган. Биринчи ярим йилликда берилган вақтинча яшаш рухсатномалари сони 31,6 фоизга камайиб, 16,6 мингни, яшаш гувоҳномаси эса 32,2 фоизга камайиб, 80,1 мингни ташкил қилган. Бундан ташқари, шу даврда 791 киши Россия фуқаролигидан маҳрум этилган.
Маълумот учун, хорижликларнинг меҳнат фаолияти бўйича билдиришномалар сони ошган. Патентлар бўйича – 30,1 фоизга ошиб, 1,2 миллионга, меҳнат рухсатномалари бўйича эса – 64,2 фоизга ошиб 70,7 мингга етган.