Ўзбекистонлик талаба Болгарияда чўкиб ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар жорий йил 7 август куни тарқалган эди.
Сўнг, 9 август куни унинг жасади Созопол шаҳри яқинидаги йирик қоятошлар орасидан олиб чиқилгани маълум бўлди.
Талабанинг танаси қоялар орасига тиқилиб қолган ва уни чиқариб олиш осон бўлмаган. Айни вақтда жасад Ўзбекистонга олиб келинди.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабарига кўра, Болгарияда чўкиб кетган талаба билан бирга Туркияда вафот этган 5 нафар фуқаронинг жасади ҳам ватанга қайтарилган.
Бундан ташқари, шифохоналарда оғир қарзга тушган 12 нафар фуқарога чегирмалар берилиб, уларнинг Ўзбекистонга қайтишида амалий ёрдам кўрсатилган.
Консулхона шунингдек, Туркияда ҳужжатсиз қолган 27 нафар фуқарога зарур ҳужжатларни расмийлаштириб, қайтишларига кўмаклашганини ҳам билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ҳалок бўлган 22 ёшли йигит Болгарияда таҳсил олаётган талаба бўлган.
Дўстлари билан чўмилишга чиққан вақтида кучли оқим уни сув тубига тортиб кетган. Қутқарувчилар 9 соат давомида излаган, бироқ айнан йигитнинг ўзбек, қирғиз ва молдовалик дўстлари жасадни топишга муваффақ бўлган.