Конгонинг Касаи провинциясида Эбола вирусига чалиниш ҳолатлари кўпайгани сабабли эпидемия бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хабар берди.
Маълум қилинишича, Касаи провинциясининг Булапе ва Мвека соғлиқни сақлаш зоналарида камида 28 нафар бемор вирусга гумон қилинган. 15 киши вафот этган, улардан 4 нафари тиббиёт ходимларидир.
Касаллик белгилари сифатида иситма, қайт қилиш, ич кетиши ва қон кетиши ҳолатлари қайд этилган. 3 сентябрь куни пойтахт Киншасадаги Миллий биотиббиёт тадқиқот институтида олинган намуналарда Эбола вируси — хусусан, Эбола заире тури аниқланган. Эпидемияга қарши кураш учун миллий тезкор жавоб гуруҳи, ЖССТнинг эпидемиология, инфекцияни назорат қилиш, лаборатория ва касалликни бошқариш мутахассислари провинцияга юборилган.
Шунингдек, маҳаллий аҳолига вирус ҳақида тушунтириш ишларини олиб борилмоқда. Мамлакатга 2 тонна тиббий жиҳозлар, шахсий ҳимоя воситалари, мобил лаборатория ускуналари етказилиши режалаштирилган.
Пойтахт Киншасада ҳозирда ушбу вирусга қарши самарали ҳисобланган Эрвебо вакцинаси захирада мавжуд бўлиб, 2000 доза яқин орада Касаи провинциясига етказилади. Вакцина, энг аввало, тиббиёт ходимлари ва касаллар билан алоқада бўлганлар учун мўлжалланган.
“Биз вирус тарқалишини тўхтатиш ва аҳолини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўряпмиз. Конго бу каби эпидемияларни жиловлаш борасида катта тажрибага эга. Соғлиқни сақлаш расмийлари билан яқин ҳамкорликда муҳим чораларни тез фурсатда кенгайтирамиз”,— дейди ЖССТ Африка минтақавий директори доктор Муҳаммад Жанабий.
Эбола — кам учрайдиган, аммо жуда хавфли ва ўлим билан якунланиши мумкин бўлган вирусли касаллик. Вирус кўршапалаклардан одамга юқади, кейинчалик эса касалланган одамларнинг қон ва тана суюқликлари орқали инсондан-инсонга ўтади.