Бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Маълум қилинишича, сўнгги йилларда совуқ қуролни ноқонуний равишда жамоат жойларида олиб юриш ҳолатлари кескин кўпайиб, бу ҳолат жамоат хавфсизлиги, фуқароларнинг тинч ҳаёти ва ҳуқуқий тартиботга жиддий таҳдид солмоқда.
Қонун лойиҳасида бу каби ҳуқуқбузарликларни такроран содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари қатъийлаштирилмоқда. Шунингдек, оилавий тазйиқ ва зўравонлик жиноятини содир этган шахсларга қурол олиш ҳуқуқини бермаслик ҳамда болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларда мавжуд қуролларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча олиб қўйиш тартибини жорий этиш белгиланяпти.
Таклиф этилаётган яна бир муҳим ўзгариш наркологик касалликка чалинган шахсларни даволаш тартиби билан боғлиқ бўлиб, қонун лойиҳасида бир марта маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ҳам суд қарори билан даволашга юборилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси келгусида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллада криминоген вазиятни барқарорлаштириш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини янада самарали ҳимоя қилишга қаратилган.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.