АсосийДунё

Туркия суриялик ҳарбийларни ўқитишни бошлади

Қисқа муддатда 5 минг, узоқроқ муддатда эса камида 20 минг суриялик ҳарбий ва полиция кучларини ўқитиш режалаштирилган.

'Туркия суриялик ҳарбийларни ўқитишни бошлади'ning rasmi

Туркия август ойида имзолаган икки томонлама келишув асосида суриялик ҳарбийларни ўқитишни бошлади. Бу ҳақда Turkish Minute нашри хабар берди.

Билдирилишича, ҳозирда тахминан 300 нафар суриялик (асосан ҳарбийлар ва полиция ходимлари) Туркиянинг марказий ва шарқий ҳудудларидаги икки ҳарбий базада тайёргарликдан ўтмоқда. Қисқа муддатда 5 минг, узоқроқ муддатда эса камида 20 минг суриялик ҳарбий ва полиция кучларини ўқитиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Туркия армияси Суриянинг шимолий Ҳалаб вилоятидан, хусусан, чегарадаги Азаз ва Жараблус шаҳарларидан чиқиб кетмоқда. Уларнинг ўрнига суриялик хавфсизлик кучлари жойлаштирилмоқда.

Туркия Мудофаа вазирлиги келишув доирасида ҳарбийлар терроризмга қарши курашиш, киберхавфсизлик, миналардан тозалаш, ҳарбий муҳандислик, логистика каби устувор йўналишларда ўқитилишини маълум қилган. Бу эса Сурия ҳарбий кучларини ички ва ташқи таҳдидларга қарши жавоб бера оладиган замонавий армияга айлантиришга ёрдам беради.

Шу кунларда Суриянинг Ҳомс ва Латокия ҳудудларидаги ҳарбий объектларга Исроил томонидан ҳаво ҳужумлари уюштирилгани хабар қилинмоқда. Яҳудий манбаси зарбалар Туркия ишлаб чиқарган ракеталар ва ҳаво мудофаа тизимлари сақланаётган омборларга қаратилганини очиқлаган. Исроил Сурия жанубини демилитаризация қилишни талаб қилиб, хавфли туйилган ҳар қандай объектга зарба беришга тайёр эканини билдирган.

    Бошқа янгиликлар