Сўнгги саккиз йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 202 тага, жами талабалар сони 250 мингдан 1,5 миллионга етди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, олий таълимда “ўқишга киритиб қўйиш” деган ўта салбий иллатга тўлиқ барҳам берилди. Ёшларга олийгоҳларга киришда танлов имконияти оширилган.
Профессор-ўқитувчиларнинг ойлиги салмоқли даражада ошиб, олийгоҳ муаллими бўлиш кўпчиликнинг орзусига айланган.
Кейинги пайтларда аниқ ва табиий фанларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Яқинда “ТошТеч”, Бауман университети филиали, Олмалиқ давлат техника институтини очиш бўйича қарорлар имзоланди. Хоразмда Ал-Хоразмий университетига тамал тоши қўйилди. Қолган ҳудудларда ҳам унинг филиаллари бўлади.
Мамлакатимизда ерости бойликларининг улкан захираси мавжуд. Илгари нефть-газ соҳасидаги қидирув ишлари фақат 2,5-3 минг метр чуқурликда олиб бориларди. Бу йил саноатимиз тарихида биринчи марта Устюртда 6,5 минг метр ер қаърини бурғулаб, жуда катта газ захираси топилган.
Янги индустриал давр – “тўртинчи саноат инқилоби”ни амалга ошириш учун дунёда теллур, литий, селен, графит, молибден каби технологик минералларга талаб бир неча карра кўпаймоқда. Таҳлилларга кўра, дунёдаги вольфрам, молибден, рух ва титан захираларининг 10-15 фоизи минтақамизга тўғри келади.
“Ушбу улкан ресурсларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш учун бизга энг аввало илм, билим ва инновация керак”, — дейди Президент.