Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳаётнинг муҳим воқеаларида фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида бир марталик нафақа тўловлари йўлга қўйилган. Бундай тўловлар орасида янги туғилган чақалоқлар учун суюнчи пули ҳамда дафн этиш нафақаси ҳам бор.
2025 йил сентябрь ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан жами 40 минг 611 наф фуқарога 47,9 миллиард сўм миқдорида бир марталик нафақа тўловлари амалга оширилди.
Агентлик маълумотига кўра, 28 минг 700 дан ортиқ ота-оналар жами 25,6 миллиард сўм миқдорида суюнчи нафақаси олган. Шунингдек, 11 минг 800 га яқин фуқаро учун 22,3 миллиард сўм миқдорида дафн этиш нафақаси тўлаб берилган.
Суюнчи нафақаси — бола туғилгандан кейин 6 ой ичида бериладиган бир марталик тўлов бўлиб, уни боланинг отаси ёки онаси “Халқ банки”нинг исталган филиалига мурожаат қилиб ёки “Хазна” мобил иловаси орқали олишлари мумкин. Агар оила “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да рўйхатда бўлса, иккинчи фарзанд учун ҳам суюнчи пули берилади.
Дафн этиш нафақаси эса ФҲДЁ бўлимидан ўлим ҳақидаги гувоҳнома олган шахсга тўланади. Маблағни “Халқ банки” орқали ёки “Хазна” иловаси ёрдамида олиш мумкин. Бироқ мурожаат 60 кундан кечикиб қилинса ёки фуқаро муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нафақа тўлаш рад этилади.
Маълумот учун, ҳозирда суюнчи нафақаси – 893 минг сўм, дафн этиш нафақаси – 1 миллион 884 минг сўмни ташкил этади.