Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида 4 ёшли қизча юриб кетаётган машинадан тушиб қолгани акс этган видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси муносабат билдирди.
Билдирилишича, кеча, 9 октябрь куни соат 08:30 ларда Тошкент шаҳар Сергели тумани 10-сонли поликлиника биноси қаршисида 1964 йилда туғилган ҳайдовчи Б.И. ВАЗ-2115 русумли транспорт воситасини бошқариб, светафордан қўзғалган вақтида 2021 йилда туғилган йўловчи М.Б. орқа чап эшигини ташқарига очиб юборган. Оқибатда у машина салонидан ташқарига йиқилиб тушган. Маълум бўлишича, қизчани бобоси боғчага олиб кетаётган бўлган.
“Набирамни эрталаб соат 8-8:30 ларда ҳар доим боғчага олиб бораман. Ойнани ёп деганимда у эшикни очиб юборибди. Одамлар мени огоҳлантирди. Орқамга қарасам набирам йўқ. Кейин ортга тезда қайтдим. Набирамни битта одам кўтариб олган экан. Ҳеч қаерига ҳеч нарса қилмабди. Аҳволи яхши”, дейди қизчанинг бобоси.
Ҳозирги вақтда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.