Ижтимоий тармоқларда "Мактаб котибасига ўқувчиларни калтаклашга ким ҳуқуқ берди?" сарлавҳаси остида видеодалар тарқалди. Ҳолат Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганилган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 6 октябрь куни соат 09:30 лар атрофида Самарқанд вилоят Қўшработ туманидаги 71-ўрта таълим мактабида содир бўлган. Мактабнинг кадрлар бўйича менеджери бўлиб ишловчи Қ. С.нинг олдига фарзанди Қ. И. танаффус вақтида келиб, синфдоши (3-А синф ўқувчиси Р.Ф.) урганлигини айтган. Мазкур ҳолатдандан сўнг она фарзанди билан жанжаллашган ўқувчи синфига бориб унга қўл кўтарган.
Ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан назоратга олиниб, жабрланувчи ўқувчи Р. Ф.ни тан жароҳати олган ёки олмаганлиги юзасидан жорий йилнинг 7 октябрь куни судга оид экспертиза тайинланган.
Экспертиза хулосасига кўра, болага енгил тан жароҳати етказилганлиги аниқланиб, айни пайтда ҳолат суд тартибида кўриб чиқилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан мактаб кадрлар менежери вазифасида ишловчи Қ.С билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, ходимнинг ички одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишини назоратга олмаганлиги учун Қўшработ туманидаги 71-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари К.А. га нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган.