Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия томонидан жамоат жойларида — хусусан, хиёбонлар, истироҳат боғлари ва бозорларда гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар ноқонуний айланмасининг олдини олиш мақсадида хизмат итларидан фойдаланиш тартибини белгиловчи қўшма қарор қабул қилинди.
Билдирилишича, дастлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жойлашган жамоат жойларида хизмат итлари билан биргаликда патруль нарядлари тажриба-синов тариқасида фаолият бошлади.
Ҳозирда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Кинология бўлими ходимлари Tashkent City Mall савдо мажмуаси, City Park, Dream Park ва Magic City кўнгилочар масканларида хизмат фаолиятини олиб бормоқда.
Хизмат итлари ёрдами жиноятларнинг олдини олишда, хусусан, фуқароларга ёки ходимларга ҳужум уюштириш ҳолатларини бартараф этишда, жиноят содир этгандан кейин яширинаётган шахсларни аниқлаш ва ушлашда, шунингдек, қўлга олинган шахсларнинг қочишга уриниши ёки атрофдагиларга зарар етказиш эҳтимоли мавжуд вазиятларда қўлланилади.