2026 йилда 56 дона вагонни ҳарид қилиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда "Тошкент метрополитени" ДУК хабар берди. Таъкидланишича, бунинг натижасида тасарруфдаги ҳаракат таркибларини янгиланишига ҳамда йўналишларда поездлар оралиқ интервалини қисқартиришга эришилади.
Метрополитен раҳбарияти ижтимоий тармоқларда метродаги тиғизлик муаммолари ҳақидаги хабарларга изоҳ бераркан, сўнгги 6 йил давомида қўшимча 33 км метро йўналишлари ва 21 та янги бекат қуриб, фойдаланишга топширилганини маълум қилди. Бунинг натижасида метрополитен бекатлари сони жами 50 тага ҳамда йўналишлар узунлиги 71 кмга етди.
2021 йил бир кунда 280-300 минг йўловчига хизмат кўрсатилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 920-930 мингни ташкил қилди ва бугун бу сон бир кунда 1 миллиондан ортмоқда.
Йўловчилар сонининг ортиб бориши сабабли юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларни олдини олиш ҳамда йўловчиларнинг бир манзилдан бошқа манзилга бориш вақтларини қисқартириш мақсадида сўнгги 3 йилда тиғиз вақтда (7:30 дан 9:00 гача) ҳаракат таркибларининг йўловчи ташиш бўйича оралиқ вақти (интервал) қисқартирилган.






