АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил президенти Исаак Гертсог номига мактуб йўллаб, бош вазир Бенямин Нетаняхуга нисбатан олиб борилаётган коррупция терговини тўхтатиш ва уни тўлиқ кечиришга чақирди. Бу ҳақда Zamon.uz нашри хабар берди.
Трамп мактубида Нетаняхуни “уруш даврида дадил ва ҳал қилувчи бош вазир” деб атаб, ҳозирда у Исроилни тинчлик сари етаклаётганини таъкидлади. “Мен сиздан Бенямин Нетаняхуни тўлиқ кечиришингизни сўрайман”, — деб ёзган Трамп, шу билан бирга Исроил суд тизимининг мустақиллигига ҳурматини билдирган, бироқ Нетаняхуга қарши ишни “сиёсий ва асоссиз таъқиб” деб атаган.
Шунингдек, Трамп Яқин Шарқдаги муаммоларни ҳал этишда АҚШ воситачилигида эришилган ютуқларни эслаб, “Энди Бибига рухсат бериш, Исроилни кечириш ва бу урушни якунлаб, халқни бирлаштириш вақти келди”, — дея таъкидлаган.
Исроил президенти Исаак Гертсог бунга жавобан Трампга ҳурмат ва миннатдорчилик билдирган ҳолда, “Афв этиш учун белгиланган тартибда айбланувчининг ўзи ёки яқинлари томонидан расмий ариза топширилиши зарур. Нетаняху бундай мурожаат қилмаган”, — деб жавоб қайтарди.
The Jerusalem Post’нинг маълумотига кўра, амалдаги қонунларга биноан президент афвни фақат суд бошланишидан аввал ёки ҳукм чиқаргандан сўнг бериши мумкин, ҳозир эса иш бу босқичларнинг ҳеч бирида эмас.
Маълумот учун, Бенямин Нетаняхуга нисбатан тергов 2016 йилдан бери давом этмоқда. 2019 йилда у учта алоҳида жиноят иши бўйича айбланган. Унга нисбатан қўйилган айбловлар орасида коррупция, оммавий ахборот воситаларига таъсир ўтказиш ва қимматбаҳо совғаларни қабул қилиш ҳолатлари бор. Прокуратура буни манфаатлар тўқнашуви деб баҳолаган бўлса, Нетаняху ҳимоячилари бу айбловларни асоссиз, сиёсий босим натижаси сифатида кўрмоқда.
Исроил жамоатчилиги орасида ушбу жараён бўйича кескин фикрлар мавжуд — айримлар бу иш сиёсий тус олганини айтса, бошқалар “қонун ҳамма учун бир хил бўлиши керак” деган позицияда турибди.






