Фаластиннинг БМТдаги элчиси Рияд Мансур Яқин Шарқдаги вазиятга бағишланган Хавфсизлик Кенгаши сессиясида сўзга чиқиб, 10 октябрдан буён кучга кирган тинчлик шартномаси амалда бажарилмаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Zamon.uz нашри маълум қилди.
Унинг айтишича, Ғазода ҳар куни 1000 киши ҳалок бўлиши ёки яраланиши, ҳар куни 2 боланинг ўлими ва минглаб одамларнинг қийин аҳволда қочқинликда умр кечириши “ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди”.
Мансур Исроилни фаластинликларнинг “яшаш, озодлик ва тинчликка эришиш” ҳуқуқини қасддан чеклаётганликда айблади. У АҚШ маъмуриятини ўт очишни тўхтатиш режими бузилишининг олдини олишга фаол аралашишга чақирди.
Унинг таъкидлашича, фаластинликлар шубҳаларга қарамай, АҚШ Президенти Доналд Трампнинг тинчлик режасини қабул қилган, аммо Исроил ҳужумларни қайта бошлаш, ёрдам киришини тўхтатиш ва Ғазодаги босқинни чуқурлаштириш орқали келишувни бузишга уринаётган.
Мансур, шунингдек, Ғарбий Соҳил ва Қуддусда исроиллик аскарлар ва кўчманчи яҳудийлар томонидан амалга оширилаётган ҳужумлар, мажбурий кўчириш ва ерларни эгаллашни дарҳол тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.
У БМТ Хавфсизлик Кенгашини Исроил қамоқхоналаридаги минглаб фаластинлик тутқунлар аҳволига бефарқликда айблади. Мансур айтишича, Sde Teiman қамоқхонасида фаластинлик маҳкумга нисбатан зўравонлик акс этган видеонинг тарқалиши Исроилда “жиноятнинг ўзи эмас, айнан видеонинг чиқиши”ни муҳокамага айлантирган ва айримлар ҳатто қўриқчиларни “қаҳрамон” сифатида кўрган.






