Тошкент шаҳрида 2025 йилнинг январь—ноябрь ойлари давомида автобусларда йўл ҳақини тўламаган 19 632 нафар йўловчи аниқланган.
Транспорт назорати инспекцияси маълумотига кўра, уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси асосида БҲМнинг 10 фоизи — 41 200 сўм миқдорида жарима қўлланган.
Пойтахтда йўл ҳақини ўз вақтида тўлашни таъминлаш мақсадида рейдлар кучайтирилган.
Эндиликда Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимлари ҳам йўл ҳақини тўламаган фуқароларга нисбатан жарима баённомаларини расмийлаштириш ҳуқуқига эга.
2025 йил 1 январдан бошлаб автобусларда нақд пул қабул қилиш тўхтатилган. Йўловчи нақд тўловни таклиф қилган тақдирда, ҳайдовчи уни қабул қилмаслиги лозим. Қоидабузарлик такрорланса, ҳайдовчи ҳам, йўловчи ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шунингдек, барча автобусларга назорат камералари ўрнатилган. Пойтахт жамоат транспортида қатнов учун чекланган тариф 3 000 сўм этиб белгиланган, бироқ электрон тўлов орқали 1 700 сўм тўлаш имкони мавжуд.






