Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, “ACWA Power” компанияси раҳбари Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги Саудия Арабистони компаниялари делегациясини қабул қилди.
Томонлар амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва устувор қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди. Давлат раҳбари Ўзбекистон “яшил” энергетика соҳасининг стратегик инвестори ҳисобланган “ACWA Power” компанияси билан самарали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Бугун бир нечта қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди: 752 мегаватт қувватга эга 4 та шамол электр станцияси электр тармоғига уланди, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида умумий қуввати 2,3 гигаваттни ташкил этадиган 5 та электр станцияси ҳамда 300 мегаваттли энергия сақлаш тизимининг қурилиши бошланди.
Бундан ташқари, Самарқанд вилоятини Тошкент вилояти билан ва Қорақалпоғистон Республикасини Бухоро вилояти билан боғлайдиган умумий узунлиги 1790 километрлик 500 киловолт кучланишли электр узатиш тармоғинибарпо этиш бошланди.
Учрашув давомида энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.






