Ноябрь ойида Жанубий Корея расмийлари АҚШ билан ядровий сув ости кемаларини биргаликда қуриш бўйича келишув имзолангани ҳақида хабар берган эди. Доналд Трампнинг ушбу лойиҳани маъқуллаш ҳақидаги қарори Сеулнинг ядро ёқилғисига киришига йўл очади, бу минтақада занжирли реакцияни келтириб чиқариши ва океан тубида янги қуролланиш пойгасининг бошланишига сабаб бўлиши мумкин.
Чоршанба куни Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён ядровий сув ости кемаси бўйича келишувни Трамп билан учрашувининг асосий ютуғи сифатида баҳолади ва бу мамлакатнинг хавфсизлик мослашувчанлиги ва мудофаа мустақиллигини оширишини айтди.
Сеул ядровий энергетика Шимолий Кореянинг сув ости таҳдидларига, жумладан, сув ости кемасидан учириладиган баллистик ракеталарга қарши туришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайди ва ядровий қуролга эга бўлмаслигини ва ядро қуролини тарқатмаслик қоидаларига риоя қилишини бир неча бор таъкидлаган.
"Ядро қуролини тарқатмаслик - биз ҳурмат қилишимиз керак бўлган халқаро принципдир", деди Ли Чже Мён АБCга ва шартнома барча ядровий технологиялар эмас, балки қуролларнинг тарқалишини тақиқлашини қўшимча қилди.
Бироқ таҳлилчилар ва собиқ ҳарбий амалдорлар фикрича, Жанубий Кореянинг ядровий сув ости кемалари дастурининг жадал ривожланиши Хитойни ғазаблантириши ва Японияни шу каби технологияларни ривожлантиришга ундаши мумкин.






