АсосийЖамият

Президент байрам арафасида 615 нафар маҳкумни афв этди

Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан "Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв, этиш тўғрисида"ги фармонни имзолади.

'Президент байрам арафасида 615 нафар маҳкумни афв этди'ning rasmi

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 615 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 220 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 123 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 97 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 175 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 9 нафарини чет эл фуқаролари, 29 нафарини аёл, 23 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 264 нафарини ёшлар (шулардан, 2 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

"Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди", дейилади фармонга шарҳда.

    Бошқа янгиликлар