Бенин армияси миллий телевидение орқали президент Патрис Талонни ағдариб, ҳокимиятни қўлга олганини эълон қилди. Шунингдек, улар конституциянинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш, барча қуруқлик чегаралари ва ҳаво ҳудуди ёпилишини эълон қилди. Кейинроқ ички ишлар вазири Алассан Сейду расмийлар давлат тўнтаришига уринишнинг олдини олганини маълум қилди.
“Кичик бир гуруҳ аскарлар мамлакат ва унинг институтларини беқарорлаштириш мақсадида исён кўтарди”, деди Сейду телевидениеда ҳам. “Бундай вазиятда Бенин қуролли кучлари ва уларнинг раҳбарияти назоратни сақлаб қолди ва давлат тўнтаришига уринишнинг олдини олди”.
Талон атрофидагилар ҳам аввалроқ президент хавфсиз ва армия вазият устидан назорат ўрнатаётганини билдирган эди.
"Бу фақат телевидениени бошқарадиган кичик бир гуруҳ одамлар. Мунтазам армия назоратни қайта тикламоқда. Шаҳар ва мамлакат бутунлай хавфсиз", - деди унинг идораси АФПга.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Бениндаги қўзғолонга уринишга бошчилик қилган подполковник Паскал Тигри қочмоқда, уни қидириш ишлари олиб борилмоқда. Бир неча киши ҳибсга олинган, аммо уларнинг аниқ сони номаълум.
Ҳарбий ва хавфсизлик манбаларининг АФПга маълум қилишича, давлат тўнтаришига уриниш билан боғлиқ 10 га яқин ҳарбий ҳибсга олинган..
Ўзини “Ҳарбий қайта қуриш қўмитаси” деб атаган ҳарбий амалдорлар миллий телевидение орқали йиғилиш ўтказганликларини эълон қилиб, “Патрис Талонни республика президенти лавозимидан четлатиш”га қарор қилишди.
Якшанба куни эрталаб Франсиянинг Бениндаги элчихонаси мамлакатнинг энг йирик шаҳри Котонудаги президент қароргоҳи яқинида отишма овозлари эшитилганини хабар қилди. Элчихона ўз фуқароларини хавфсизлиги учун уйда қолишга чақирди.






