Камилла Раҳимова Франциянинг Анже шаҳрида ўтган WTA 125 Open Angers Arena Loire турнирида ғалаба қозониб, Ўзбекистон байроғи остидаги илк совринини қўлга киритди.
Раҳимова финалга йўл олиш жараёнида мусобақанинг иккинчи рақамли теннисчиси — хорватиялик Ана Ружични 4:6, 6:3, 7:5 ҳисобида мағлуб этди.
Ҳал қилувчи баҳсда у германиялик Тамара Корпачга қарши баҳс олиб борди. 2 соату 24 дақиқа давом этган финалда WTA рейтингида 112-ўринни эгаллаб турган Раҳимова 6:3, 7:6(4) ҳисобида ғалаба қозонди. Бу натижа унинг жорий мавсумдаги илк WTA 125 чемпионлиги бўлди.
Камилла Раҳимова (2001 йил, 28 август, Екатеринбургда туғилган) яқинда Ўзбекистон фуқаролигини олган эди. Ушбу ғалаба теннисчининг Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ҳолда эришган илк йирик ютуғи сифатида тарихга кирди.






